Жигар кимёэмболизацияси

Жигар кимёэмболизацияси - бу интервенцион жарроҳлик соҳасига тегишли бўлган саратон касаллигини даволаш усули ҳисобланади. Методиканинг моҳияти шундаки, ўсмани озиқлантирадиган томирга бир вақтнинг ўзида иккита препарат юборилади: эмболизат ва кимёпрепарат.

Эмболизацияловчи препарат микросфералардан ёки бўлмаса ёғли контраст моддадан ташкил топган. Улар хавфли ўсмага қон келишини тўсиб, уни кислород ва озуқа моддаларидан маҳрум қилади.
● Кимёвий препарат ўсма ичида тўпланади, сўнг эмболизацияловчи заррачалардан маълим бир муддатгача ажралиб чиқади. Бунинг эвазига препарат бевосита ўсмани тўқимасига етказиб берилиши таъминланади, у тизимдаги қон оқимига келиб тушмайди ва организмга салбий токсик таъсир кўрсатмайди.

Кимёэмболизациянинг афзалликлари нимадан иборат?
Кимёэмболизация – бу хавфли ўсмага "икки мартали" зарба. Ушбу даволаш усулининг самарадорлиги жуда юқори: тахминан 2/3 ҳолатда ўсимта ўсишини тўхтатиш ёки унинг ўлчамларини жиддий қисқартиришга эришилади. Эришилган натижа, саратон турига қараб, 10-14 ой давомида сақланиб туради. Кўрсатма билан кимёэмболизацияни такрорлаш мумкин. Ушбу амалиёт жарроҳлик, кимётерапия, радиочастотали аблация, нур терапияси каби даволашнинг ҳар хил турлари билан бирга қўллаш учун жуда мос келади. Шу билан бирга, жигарнинг кимёэмболизациясини мустақил даволаш тури сифатида ҳам қўллаш мумкин.

Кимётерапиянинг кенг тарқалган муаммоларидан бири – бу унинг қўшимча ножўя таъсир қилиш хавфидир. Бундан ташқари, жигар саратони деярли системали кимётерапияга жавоб бермайди. Кимётерапия препаратлари фақат жигар артериясига тўғридан-тўғри юборилганда ёрдам беради. Айнан шу нарса кимёэмболизация вақтида содир бўлади. Жараён препаратни юқори, самарали дозаларда қўллаш имконини беради, шу билан бирга у тизимли токсик таъсирга эга эмас.
Умумий айтадиган бўлсак жигар ўсмалари хавфлидир, чунки вақт ўтиши билан оғир жигар етишмовчилигига олиб келади. Айнан шу касалликни асоратидан кўплаб беморлар вафот этади. Кимёэмболизация ўсмани ўсишини тўхтатишга, жигар фаолиятини сақлаб қолишга ва бемор учун мақбул ҳаёт сифатини таъминлашга ёрдам беради.

Жигарни қон билан таъминланиши.
Жигар – бу икки томонлама қон таъминотига эга бўлган кам сонли органлардан биридир:
Унга дарвоза венаси бўйлаб ичаклардан қон келиб тушади. Бу томирдан кислород ва керакли моддаларнинг катта қисми, жигар тўқималарининг нормал ҳужжайралари – гепатоцитларга боради.
● Жигар артерияси ўзак артерияни тармоғидан ажралиб чиқадиган артерия бўлиб, аортани тармоғи ҳисобланади. У жигарни 25-30% қон билан таъминлайди ва ундан кислород ҳамда ўсма ҳужжайраларини таъминлайдиган озуқа моддалари олинади.

Агар эмболизацияловчи препарат жигар артериясига юборилса, шу туфайли соғлом тўқималарга деярли зарар етказмасдан ва жигар функцияларини сақлаб қолган ҳолда, ўсма тўқимани самарали йўқ қилиш мумкин.

Қандай вазиятларда жигар кимёэмболизацияси ўтказиш мумкин?
Жигар артерияси кимёэмболизацияни бирламчи (гепатоцеллюляр карцинома, холангиокарцинома) ва метастатик жигар саратонида қўллаш мумкин. Жигар тўқимасида энг кўп метастатик ўчоқлар йўғон ичак, кўкрак, ўпка, простата саратони кузатиш мумкин.
Агар ўсмани олиб ташлаш ёки юқори даражадаги хавф мавжудлиги сабабли жигар трансплантациясини амалга ошириш мумкин бўлмаса, ўсманинг ўлчами катта (диаметри 5 см дан ортиқ) бўлганлиги сабабли радиочастотали аблацияни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, шифокор кимёэмболизацияни тавсия қилиши мумкин.

Қарши кўрсатмалар мавжудми?

Айрим ҳолатларда жигар кимёэмболизациясини ўтказиш тавсия этилмайди:
● Жигар ва/ёки буйраклар функциясининг оғир бузилишларида.
● Сафро (ўт суюқлиги) чиқиши бузилиши (механик сариқлик).
● Яқинда жарроҳлик операциясини бошдан кечирган беморлар, сафро йўлларини стентлаш амалиётидан кейинги ҳолат.
● Қон қуюлишининг бузилиши.
Агар беморда жигар фаолияти бузилган бўлса, шифокор барча ижобий ва салбий томонларини диққат билан баҳолаши керак. Баъзи ҳолларда кимёэмболизация хавф-хатарларга қарамай амалга оширилади. Шу билан бирга, кимётерапия препарати билан эмболизация қилувчи препарат кичик дозаларда қўлланилади.

Жигар кимёэмболизацияси учун қандай препаратлар қўлланилади?

Ўтган асрнинг 80-йилларида шифокорлар ёғли кимёэмболизациясини амалга оширишни бошладилар. Ўсмани озиқлантирувчи томирга кимётерапия препаратларини ўз ичига олган ёғли радиоконтраст препарат киритилган.
Жигарни кимёэмболизация қилишдан мақсад ўсмани йўқ қилиш эмас, балки унинг ўлчамларини қисқартириш, ўсишини секинлаштириш, жигар фаолиятини сақлаб қолиш ва беморнинг умрини узайтириш эканлигини тушуниш муҳим аҳамиятга эга. Эслатиб ўтамиз, у даволашнинг радикал усули эмас.
Ҳозирги вақтда кимёэмболизация нафақат жигар саратони, балки буйраклар, ошқозон ости бези, бачадон бўйни саратони ва бошқа онкологик касалликларнинг хавфли ўсмалари учун ҳам қўлланилади.

Микросфералар - препарат поливинилалкоголдан ишлаб чиқарилган кичик заррачалардан иборат. Ушбу микросфералар диаметри 100 дан 900 микронгача бўлиши мумкин бўлиб, ҳар бир ўлчам қон оқимини тўсиш керак бўлган томир диаметрига мос. Зарралар ўлчамларига қараб, препарат солинган флакон маълум рангдаги маркировкага эга бўлади.
Микросфералар юзасига кимёэмболизацияси учун қўлланиладиган асосий кимёвий препарат – доксорубицин чўктирилган. Препарат юборилгандан кейин, 14 кун давомида ажралиб чиқади.

Жигар кимёэмболизацияси қандай ўтказилади?
Одатда ушбу усул тахминан 1,5 соат давомида кечади. Бу амални эндоваскуляр жарроҳ жарроҳлик хонасида бажаради. Айрим асоратларнинг олдини олиш учун тегишли дори воситалари қўлланилади:
● Аллапуринол – буйракларни кимёвий препаратлардан ва ўсма ҳужжайралари парчаланиши маҳсулотларидан ҳимоя қилиш учун;
● Кўнгил айнишини профилактика қилиш дорилари;
● Антибиотиклар – инфекцияларга чалинишнинг олдини олиш учун.
Амалиёт давомида беморнинг юрак уришлари сони, артериал қон босим, нафас сони ва қондаги кислороди миқдори каби асосий ҳаётий кўрсаткичларини назорат қилувчи монитор уланади. Одатда, аралашув седация ҳолатида амалга оширилади, баъзида эса умумий наркоз қўлланилиши мумкин.

Стерил шароитда беморнинг чов соҳасида кичик кесма қилиниб, умумий сон артериясига катетер киритилади. Томирлар жойлашувини баҳолаш учун катетер орқали рентгенконтраст эритма юборилади. Катетер учи ўсмани таъминловчи артерия тармоғига кирганида, кимёвий препарат билан бирга эмболизацияловчи дори воситаси юборилади.
Препарат тўғри юборилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун рентген остида ангиографик фильмлар олинади, сўнг катетер томирдан чиқарилиб, сондаги кесмага босим турувчи боғлам қўйилади.

Амалиёт самарадорлиги.
Жигарни кимёэмболизация қилиш онкологияда узоқ вақтдан буён қўлланилган, кўплаб бундай муолажалар турли клиникаларда ўтказилган. Бу одатий, жоиз бўлса, вақт синовидан ўтган даволаш усули. Унинг самарадорлиги илмий тадқиқотлар жараёнида исботланган. Мисол учун, Барселонада 27 бемор иштирокида ўтказилган клиник тадқиқот шуни кўрсатдики, жигар кимёэмболизация қилинганидан кейин бир йил давомида яшаш даражаси 92%, икки йил давомида 89% каби натижалар олинган.
Афинада 71 бемор иштирокидаги тадқиқотда даволанишдан кейин уч йил давомидаги яшаш даражаси 76,4% ни ташкил этди.

Жигар кимёэмболизациясидан кейин асоратлар пайдо бўлиши мумкинми?
Қорин оғриғи, иситма, жигарда инфекция ривожланиши, препаратни нотўғри қўллаш сабабли соғлом тўқималарнинг шикастланиши, ўт пуфагида яллиғланиш, томирларда қон қуйқалари шаклланиши каби асоратлар юзага келиши мумкин. Замонавий технологиялар хавфларни минималлаштиришга ёрдам беради. Ҳозирги вақтда юқорида келтирилган асоратларни ривожланиш хавфи 3-5% ташкил этиши мумкин бўлиб, бу албатта касалликнинг ўзини ҳаёт учун хавфли асоратларидан кам ҳисобланади.